АсосийЖамият

Ўзбекистонда 25 нафар хотин-қиз IT соҳасидаги муваффақиятлари учун мукофотланди

Энди улар дунёда фойдаланувчилари бўйича Ўзбекистон биринчи бўлган Coursera платформасида бепул таълим олишади.

'Ўзбекистонда 25 нафар хотин-қиз IT соҳасидаги муваффақиятлари учун мукофотланди'ning rasmi

Рақамли технологиялар вазирлигида ИТ соҳасидаги хотин-қизларнинг ютуқларига бағишланган биринчи “Юлдуз Tech Awards” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбир давомида 25 нафар хотин-қиз IT соҳасидаги муваффақиятлари учун мукофотланди. Уларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари, статуеткалар ва 6 ойлик Coursera платформасида бепул таълим олиш имконини берувчи ваучерлар топширилди.

“Биз IT соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш тарафдоримиз. Ўзбекистон иқтидорли ёшларга бой ва технологияга интилувчан, ижодкор қизларимиз ҳар доим олдинги сафда. Хотин-қизларнинг технология соҳасидаги имкониятларини ошириш бу миллий ғурур ва келажакка сармоя. Биргаликда ҳар бир қизнинг рақамли дунёда ўз ҳиссасини қўшиши учун инклюзив ва инновацион жамият яратамиз," - деди Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекос.

Тадбир доирасида технологияга бағишланган интеллектуал викторина ташкил қилинди. Унда иштирокчилар IT ривожида хотин-қизларнинг ўрни ҳақида билимларини намойиш этди. Ғолиблар махсус совғалар билан тақдирланди.

Ўзбекистон Coursera платформасидан фойдаланувчилар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Платформада таълим олаётганларнинг 49 фоизини хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу мамлакатда рақамли таълим ва гендер тенглигини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

    Бошқа янгиликлар