Бугун Жанубий Корея суди импичмент эълон қилинган президент Юн Сок Ёлни қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этгани учун ҳибсга олишга берилган ордер муддатини узайтирди. Аввалги ордер муддати кеча, 6 январь куни тугаган эди.
Корея Республикасининг Yonhap янгиликлар агентлиги шу ҳақда хабар берган.
Расмийларга кўра, Сеул Ғарбий округ суди Юқори мартабали амалдорлар учун коррупция бўйича тергов бошқармаси (CIO) бошчилигидаги терговчиларнинг ордер муддатини узайтириш борасидаги илтимосини қаноатлантирди.
Ўтган жума куни ҳуқуқ-тартибот идорларининг ҳибсга олиш ордерини ижро этишга уриниши, хавфсизлик хизматининг президент Юннинг Сеул марказидаги расмий қароргоҳга киришга тўсқинлик қилгани боис муваффақиятсиз якунланган эди.
Терговчилар узайтирилган ордернинг янги амал қилиш муддатини ошкор қилмаган бўлсалар-да, Юнни ҳибсга олишда кутилаётган муаммоларни ҳисобга олиб, ордернинг одатий етти кундан кўпроқ муддатга узайтирилганига ишонишмоқда.
Президент Ён мамлакатда оммавий тартибсизлик қўзғаш ҳамда ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда ҳарбий ҳолат эълон қилишда айбланмоқда. 30 декабр куни полиция президентни ҳисбга олишга уринганида, президент қўриқчилари махсус ордер талаб қилиб, қаршилик кўрсатишган эди.
Эртаси куни суд ордер беришга қарор қилди ва бу мамлакат тарихида биринчи марта амалдаги президентни ҳибсга олиш ордери берилгани билан тарихда қолди.
Тез орада полиция ордерни ижро этиш доирасида президентни ҳисбга олишга яна уриниб кўриши кутилмоқда.