Туркия ҳукумати Санторини оролидаги сейсмик фаоллик сабаб эҳтимолий зилзила ва цунамига тайёргарликни бошлади. Бу ҳақда Туркия табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб, Turkiye Today хабар берди.
Қирғоқбўйи ҳудудлари аҳолисини огоҳлантириш мақсадида Измир, Айдин ва Муғлада мобил сирена тизимлари ишга тушди, SMS хабарномалар юбориш йўлга қўйилди.
7 февралдан буён Эгей денгизида 3 баллдан юқори бўлган 761 та зилзила содир бўлди. Вулқонга қарши курашиш агентлиги (AFAD) эса вулқон отилишидан ҳосил бўлган майда кул шамол ёрдамида тарқалиши, кучли зилзила эса Туркия соҳилларига цунамини олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
“Эгей денгизида доимий равишда ер ости силкинишлари кузатилмоқда. Эгей денгизидаги зилзила фаоллиги натижасида юзага келиши мумкин бўлган кучли зилзила, цунами ёки вулқон отилиши каби ҳодисаларнинг оқибатлари Туркияга етиб бориши эҳтимоли мавжуд”, дейилади AFAD огоҳлантиришида.
AFAD расмий вакиллари эҳтимолий хавф-хатарларни таҳлил қилиш учун “Санторини оролининг сейсмик фаоллиги ва хавфини баҳолаш бўйича йиғилиш” ўтказди. Йиғилишдан сўнг Эгей денгизи соҳилларида эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Туркиялик профессор Шенол Хоқон Кутоғли вазият юзасидан ташвишда эканини билдирди.
“Санторини кратерининг кенгайиши вулқон отилиши муқаррар бўлади дегани эмас”, деди у.
Бироқ у 8 магнитудадан юқори бўлган зилзила Туркия қирғоқлари бўйлаб баландлиги 3 метрдан 5 метргача бўлган тўлқинли цунамини келтириб чиқариши мумкин.
Туркияда кузатилган кучли зилзила
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февраль ойида Туркияда Рихтер шкаласи бўйича 7,5 баллдан юқори бўлган бир нечта кучли зилзилалар кетма-кет содир бўлди. Табиий офат зонаси 11 провинция ва қўшни мамлакатларни қамраб олди. 50 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.