АсосийЖамият

Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланадиган фаолият турлари кенгайтирилди

Бу борада Президентнинг “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-78-сон қарори қабул қилинди.

'Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланадиган фаолият турлари кенгайтирилди'ning rasmi

Ўзбекистонда таксичилик ўзини ўзи банд қилганлар шуғулланадиган фаолият рўйхатига киритилди. Бу ҳақда 27 февраль куни қабул қилинган “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, енгил автотранспорт воситаларида йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади ҳамда улар ушбу фаолият билан лицензия варақаси асосида шуғулланиши белгиланади.

Йўналишсиз такси фаолияти учун лицензия беришда йилига БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм) миқдорида давлат божи ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди. Лицензияда йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланадиган ўзини ўзи банд қилган шахс ва унинг автотранспорт воситаси, фаолият кўрсатиш ҳудуди ҳамда лицензиянинг амал қилиш муддати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Ўзини ўзи банд қилган ташувчиларнинг автомобили томига Taxi таниш белгили фонар ўрнатилиши лозим. Бошқа соҳаларда меҳнат шартномасига асосан банд бўлган фуқаролар ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда транспорт воситаларида ташиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Бундай таксичилар бир йилда бир марта транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши шарт. Шунингдек, ҳар йили UzTrans ахборот тизими базасига киритилган кўп тармоқли поликлиникалар ва хусусий тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтиши шарт.

    Бошқа янгиликлар