Бугунги кунда юртимизда тўлов карталари Online ва Offline режимида ишлайди. Ҳозирги пайтда онлайн режимида ишлайдиган карточкалар сони жадаллик билан ўсиб бормоқда. Амалда барча банклар онлайн карточкаларни эмиссия қилмоқда ва вақти-соати билан эски намунадаги карточкалар муомаладан чиқиб кетади.
Одатда банклар мижозларга нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг анчайин замонавий “UZCARD” тизимига ўтиш, яъни Online карточка эгаси бўлишни таклиф қилади. Ушбу жараёнда эски картадаги баланс қолдиқ маблағлари янги намунадаги карточкага кўчирилади. Лекин карта эгалари сафида иккала турдаги карталардан фойдаланаётганлар ҳам мавжуд.
Барча турдаги пластик карталарнинг афзаллиги уларни рухсатсиз фойдаланишлардан ҳимоя қилувчи ПИН-код мавжудлигидадир. “DUET” картаси йўқотилган ҳолатда нима бўлади? “Умуман олганда, ҳеч нарса, чунки, карта фақатгина унинг эгаси биладиган ПИН-код билан ҳимояланади”, – деб ўйлайди оддий фикрлайдиган киши ва янглишади.
Шунга қарамасдан, “DUET” пластик карточкалари барча заифликлардан холи эканига ишончимиз комил бўлиши мумкинми?
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бугунги кунда “DUET” платформасидаги пластик карталар маънавий жиҳатдан эскирган ҳисобланади. Чунки ушбу платформа айрим камчиликлардан холи эмас:
Биринчидан, “DUET” карточкаси эгаси мобил телефонига мобил иловани ўрнатиш имкониятига эга эмас. Бу эса мобил телефонга боғланган пластик картанинг тўловлар тарихини кўришга тўсқинлик қилади. Шунингдек, тўлов маконини яратиш, карталар баланси ҳақида маълумот олиш ва ҳатто амалга оширилган операциялар рўйхатини юритиш имконияти ҳам чекланган.
Иккинчидан, агар муайян карта эгаси ўзининг “электрон ҳамён”ини одат бўлиб қолган (1 ёки 5) пароль билан ПИН-код орқали ҳимоялаган бўлса, у пулларидан ажралиб қолди дейишга асос бор. Боиси, ушбу картани қўлга киритган ёвуз ниятли одам бир неча дақиқалар ичида картада сақланаётган пул маблағларини сарфлаб юбориши мумкин. Карта Offline технологияси асосида ишлаши сабабли тезлик билан уни блокировка қилиш ва карточкадаги маблағлар ҳаракатини мониторинг қилиш имконияти йўқ. “DUET” пластик карточкаси йўқотилган ҳолатда, карточканинг эгаси унга картани тақдим этган банк муассасасига зудлик билан етиб бориши ва картани стоп-листга жойлаштириш бўйича ариза ёзиши зарур. Пластик карточкалар карта эгалари-мижозлар ёзма аризаларига мувофиқ ва/ёки тижорат банклари аризалари асосида стоп-листга киритилади. Ушбу рўйхат шакллантирилади ва тижорат банкларига марказлашган тарзда процессинг маркази томонидан тарқатилади. Инкассация қилиш пайтида стоп-лист савдо хизмат кўрсатиш корхонасида ўрнатилган териминалнинг савдо карточкасига қайд қилинади. Ўз вақтида инкассация қилинмайдиган савдо хизмат кўрсатиш корхоналарида йўқотилган/ўғирланган карточкалардан транзакциялар амалга оширилиши эҳтимоли юқори бўлиб, ушбу ҳолат карточка эгаси учун жиддий молиявий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Бугунги кунда “DUET” карточкалари билан боғлиқ ўта жиддий муаммолардан бири “эски” банклараро транзакцияларни уларга кейинги ўринда ишлов бериш учун Процессинг Марказига юборишдир. Мазкур транзакциялар қуйидаги сабаблар туфайли юзага келади:
- савдо-хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан савдо терминалларини ўз вақтида инкассация қилинмаслиги ва бунинг оқибатида ушбу корхонага хизмат кўрсатувчи банк зарар кўради;
- банк муассасаларида ўз вақтида клиринг сессиялари амалга оширилмаслиги.
“UZCARD” карточкасининг бошқа бир афзаллиги шундаки, у йўқотилган тақдирда банкда карта эгаси томонидан пластик карточка йўқотилгани ҳақида ёзма равишда ариза ёзилади ва унинг ҳисоблари музлатилади. Шундан сўнг, ҳеч ким маблағларни сарфлай олмайди. Агарда кимдир мижознинг банкка мурожаатига қадар картадан фойдаланган бўлса, пулларнинг “ҳаракатланиши”ни тез ва осонлик билан назорат қилиш мумкин. Картани эса эртаси куниёқ тиклаш мумкин. Эски намунадаги карточка йўқотилган тақдирда, карта эгаси 20 сутка кутишига тўғри келади. Ана шу муддат ўтгандан сўнггина, ундан маблағ ечилган ёки ечилмаганлиги ҳақида билиш мумкин. Боиси, тадбиркорлар уларнинг оддий терминали тўлиб қолган ҳолатларда инкассация қилади. Бу бир ойда 2-3 маротаба амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, Offline карта блокировка қилинганда (масалан, амал қилиш муддати тугаганда ёки бошқа бирон сабабга кўра, банкомат ёхуд дўконда гарчи шундай имконият бўлса ҳам оддий авторизация йўли билан муаммо бартараф этилмаган тақдирда), карточкани фақатгина уни тақдим қилган банк бўлинмасида блокировкадан чиқариш мумкин бўлади. “UZCARD” билан боғлиқ ҳолатда, буни мамлакат бўйлаб исталган филиалда амалга ошириш мумкин.
Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази
PR-хизмати