Болалар орасида учрайдиган юрак туғма нуқсони оғир хасталик бўлиб, бугун жаҳонда ҳар 1000 гўдакдан 8-10 нафари ушбу касаллик билан дунёга келади. Хўш, унинг келиб чиқишига нима сабаб бўлади? Хасталикнинг қандай асосий белгилари бор? Юрак туғма нуқсони қайси усулда даволанади? Кўпчиликни қизиқтирган ушбу саволларга Болалар миллий тиббиёт маркази кардиолог-шифокори Алишер Юсупов жавоб берди.
Юрак туғма нуқсонининг келиб чиқишига нима сабаб бўлади?
Юрак туғма нуқсонларининг келиб чиқишига бир нечта сабаблар мавжуд. Хусусан, хасталик аёлнинг ҳомиладорлигида ўртага чиқиши мумкин. Шунингдек, ҳомиладор аёл юқумли касалликлар, айниқса грипп, шамоллаш билан ўтказадиган бўлса, бунда ҳам туғма нуқсон келиб чиқиши мумкин.
Бундан ташқари, оилавий мойиллик, эр-хотиннинг яқин қариндошлиги, шу билан биргаликда ташқи омилларнинг таъсири, экологиянинг таъсири, тамаки чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳам туғма юрак нуқсонларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Хасталикнинг қандай асосий белгилари бор?
Туғма юрак нуқсонининг бир нечта белгилари бор. Биринчиси бу кўкариш, ҳансираб қолиш, эмган пайтда чақалоқ терлаб кетиши, ёки бўлмаса тез-тез шамоллаши каби белгилар билан ўзини намойиш этиши мумкин. Хасталик Ҳар бир парокда ўзига хос бўлади. Айнан болаларда бу белгиларнинг ҳаммаси ҳам учрамаслиги мумкин.
Қайси усулда даволанди?
Болаларда учрайдиган юрак туғма нуқсонларини даволашда авваламбор текширилиб, уни тўғри диагноз қўйгандан кейин даво чораси танланади. Энг оддий даводан мураккабга қараб кетилади. Биринчи ўринда дори билан даволаш тавсия этилади. Агар дори билан даволаш биз кутгандек натижа бермаса, унда кейинги босқич операция усули билан даволаш тавсия этилади.
Операция усулининг ҳам икки хили бор. Булар анъанавий усул ёки кесиб, юракни очиб, операция қилиш усули ҳамда энг замонавий усул эндоваскуляр (халқ тилида лазер ) билан даволашдир. Агар болани томир орқали — инвазив ёки ўша лазер усулда операция қилинса, беморда ҳеч қанақанги кесимлар бўлмайди. Операция кичкина катетер ёрдамида бажарилади. Бу амалиёт амалга оширилса, болада келажакда ҳеч қанақанги чандиқ қолмайди. Операциядан кейин эртаси куни бемор бемалол ҳаракат қила олади.
Хасталик кузатилса нима қилиш керак?
Агар юқорида айтилган белгиларни, симптомларни яқинларингизда сезсангиз, биринчи навбатда оилавий поликлиникага, педиатрга мурожаат қилишингиз керак бўлади. Педиатр текширув амалга оширгандан кейин, агар юрак туғма нуқсонига шубҳа пайдо бўладиган бўлса, тор мутахассисга ўзлари йўналтиришади.
Одатда болалар кардиологига боради. У ерда эхокардиография, ЭКГ ва рентген текширувларидан ўтгандан кейин юрак нуқсонини тасдиқлаш имкони бўлади. Агар юқоридаги шубҳаларингиз бўладиган бўлса, мана шу кетма-кетликда шифокорларга мурожаат қилишингиз тавсия этилади.