АсосийЖамият

Истанбулда ўзбекистонлик аёл эрини ўлдирганликда гумонланмоқда

Истанбулдаги Бош консулхонанинг билдиришича, аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда, унга адвокат бириктирилган.

'Истанбулда ўзбекистонлик аёл эрини ўлдирганликда гумонланмоқда'ning rasmi

13 апрель куни Туркия ОАВда 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси (аёл) ўз турмуш ўртоғини ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Турк ОАВга кўра, 6 апрель куни эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиққан. Жанжалга молиявий муаммолар сабаб бўлди. Оғзаки жанжал муштлашувга айланиб кетган, жараён давомида С.Т. ошхонада пичоқ олиб, 42 ёшли Э.Э.ни яралагани айтилади.

Шундан сўнг С.Т. таксопаркка қўнғироқ қилиб, эри касалхонага бориши кераклигини айтиб, машина сўраган. Такси ҳайдовчиси ҳушсиз ётган эркакни кўриб, тез ёрдам чақирган. Воқеа жойига етиб келган шифокорлар унинг ўлимини қайд этган. Полиция аёлни қўлга олган, у ҳибсда сақланмоқда.

Бош консулхона айбланаётган фуқаронинг холаси билан суҳбатлашганини билдирди. Унга кўра, ҳақиқатан ҳам, мазкур воқеа юзасидан гумонланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этган Туркия фуқароси спиртли ичимлик истеъмол қилган, у ўзбекистонлик аёлига нисбатан мунтазам равишда жисмоний ва руҳий босим ўтказиб келган, дейилади хабарда.

Консулхона хабарида воқеа содир бўлган вақтда хонада бошқа шахслар ҳам бўлгани айтилади. "Дастлабки терговга кўра, марҳум аёлни бўғаётган пайтда орқа томондан пичоқ билан жароҳатланган. Бу эса уни бошқа шахс томонидан пичоқланган бўлиши эҳтимолини истисно этмайди", — дея қўшимча қилинди хабарда.

Айбланувчининг холаси, ўз навбатида, ҳали унинг жияни суд томонидан айбдор деб топилмагани, шунинг учун воқеа ҳақида хабар тарқатаётганда буни ҳисобга олишни сўради. Шунингдек, воқеадан сўнг айбланувчининг онаси фалаж бўлиб қолганини қўшимча қилди. "Сиз билмаган кўп нарса бор", — деди у.

Ўзбекистон фуқаросига зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда ва унга адвокат бириктирилгани қайд этилди. Ҳолат Бош консулхона томонидан назоратга олинган.

    Бошқа янгиликлар