Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди. Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 21 ноябрь куни соат 23:50 лар атрофида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Файзобод” МФЙ ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган М-39 “Тошкент-Термиз” йўлининг 989 кмда содир бўлган.
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида истиқомат қилувчи 2003 йилда туғилган ҳайдовчи ISUZU русумли юк автомашинаси Самарқанд йўналишида жойлашган автомашиналарга газ қуйиш шохобчасидан чиқаётган вақтида ушбу қисмда ўрнатилган 2.4 “Йўл беринг” ва 4.1.2 “Ҳаракатланиш ўнга” йўл белгиси талабларига бўйсунмасдан, белгиланмаган жойдан Тошкент йўналишига бурилиш учун йўлнинг қатнов қисмига чиққан вақтида Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшаган 2002 йилда туғилган ҳайдовчи Lacetti русумли автомашинаси билан тўқнашиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ёнғин ортидан Lacetti русумли автомашинанинг двигатель қисмидан ёнғин келиб чиқиб, автомашина тўлиқ ёнган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Lacetti русумли автомашина ҳайдовчиси ҳамда транспорт воситаси салонида бўлган 4 нафар йўловчилар турли тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) учинчи қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






