Ўзбекистонда сунъий ёмғир технологияси амалиётга жорий қилинади.
Ўзбекистон тарихида илк бор ёмғирни сунъий йўллар билан ёғдириш имконини берувчи илғор технологик ускуна ишга туширилди. Бу муҳим ташаббус Навоий вилоятининг Конимех туманида амалга оширилди.
Узоқ йиллардан бери минтақада камёғингарчилик, қурғоқчилик ва сув етишмовчилиги деҳқончилик ҳамда чорвачилик соҳалари учун жиддий муаммо туғдираётган эди. Табиат инъомларининг камайиши маҳаллий аҳоли турмуш тарзи ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганди.
Мавжуд муаммоларни енгиш мақсадида туманда янги усул танланди – атмосферада сунъий равишда булут шакллантириб, ёмғир ёғдиришга қодир замонавий қурилма олиб келинди. Мазкур технология Ўзбекистонда биринчи марта ишлатилаётган бўлиб, у асосан қурғоқчиликка қарши курашиш ва яйловларнинг ҳолатини яхшилаш каби вазифаларга қаратилган.
Лойиҳа Қозоғистонда жойлашган “International Centre of Climate Change Technologies” (ICCT) маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётгани эътиборга молик. Технология ёрдамида маҳаллий хўжаликлар сув захираларига камроқ боғлиқ бўлади, айниқса чорва ва деҳқончиликда ишлаб чиқариш барқарорлиги таъминланиши мумкин.
Эколог мутахассисларнинг фикрича, ушбу ташаббус нафақат табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантиради, балки атроф-муҳит мувозанатини сақлаш, қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ошириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш йўлида ҳам муҳим қадам ҳисобланади.
Бу инновацион ёндашув, агар амалиётда ўзини оқласа, бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид