1972 йилда Совет Иттифоқи томонидан Венерага юборилган «Космос-482» номли космик аппарат Ер атмосферасига назоратсиз кириб келиши кутилмоқда. Бу аппарат 53 йил давомида орбитада бўлиб, энди эса Ерга қайтиш арафасида турибди.
«Космос-482» дастлаб Венерага қўниш учун мўлжалланган бўлиб, унинг учирилишидаги муҳаррик носозлиги туфайли Ер орбитасида қолиб кетган. Аппаратнинг асосий қисми йиллар давомида атмосферага кириб, ёниб кетган бўлса-да, унинг титандан ясалган мустаҳкам қўниш модули ҳозиргача бутун ҳолда қолган.
Аппаратнинг Ерга қулаши 9-11 май кунларига тўғри келиши мумкин. Унинг Ўзбекистон ҳудудига тушиш эҳтимоли эса 0,3-0,5 фоиз оралиғида баҳоланмоқда.
Космик кеманинг бўлаклари топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилди. Улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин.
Қўниш модулининг оғирлиги тахминан 500 кг бўлиб, унинг мустаҳкамлиги туфайли атмосферада ёниб кетмасдан Ерга етиб келиш эҳтимоли бор. Бу модул соатига 242 км тезликда Ерга тушиши мумкин.
Қайси жойга тушиши аниқ эмас, лекин у 52° шимолий ва 52° жанубий кенгликлар оралиғидаги ҳудудларга тушиши мумкин. Бу ҳудудлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шу боис, мамлакатимиздаги фуқаролар эҳтиёткор бўлишлари ва расмий идоралардан келадиган маълумотларга диққат қилишлари тавсия этилади.
Астрономлар бу воқеани осмонда ёруғ ва секин ҳаракатланувчи метеорга ўхшаш ҳолда кузатиш мумкинлигини айтишмоқда. Агар аппаратнинг қолдиқлари Ерга етиб келса, уларни топиш ва ўрганиш орқали космик аппаратларнинг узоқ муддатли таъсирларини таҳлил қилиш имконияти пайдо бўлади.
Ҳозирда NASA ва Европа космик агентлиги (ESA) каби халқаро ташкилотлар аппаратнинг ҳаракатини диққат билан кузатиб боришмоқда. Янги маълумотлар пайдо бўлиши билан жамоатчиликка хабар берилади.
Абдуллоҳ Саййид