Германиянинг Гамбург шаҳрида яшаган Бўжеклар оиласининг Туркияга саёҳати фожеа билан якунланди. Истанбулга келган 4 кишилик оиланинг онаси Чиғдам Бўжек ва 6 ҳамда 3 ёшли фарзандлари мидия, шўрва, колбаса ва товуқ гўшти истеъмол қилгандан сўнг заҳарланиб вафот этди. Оила боши Сарват Бўжек эса оғир аҳволда шифохонада даволанмоқда.
Маълумотларга кўра, оила 9 ноябрь куни Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги “Harbour Suites Old City” меҳмонхонасига жойлашган. 11 ноябрь куни Ортакўй мавзесидаги кўча таомларидан тановул қилгач, улар шифохонага ётқизилган, бироз вақтдан кейин уйларига қайтарилган, аммо аҳволи яна ёмонлашган. 12 ноябрь куни болалар ҳаётдан кўз юмган, 14 ноябрь куни она ҳам вафот этган.
Ҳодиса юзасидан Истанбул Бош прокуратураси жиноят иши қўзғатди. Мидия дўкони, ресторан, локум дўкони эгалари, меҳмонхона ходимлари ва дезинфекторни қўшиб ҳисоблаганда жами 11 киши ҳибсга олинди. Ресторан ва меҳмонхона муҳрланди, хавфсизлик камералари тасвирлари ва таомлардан олинган намуналар экспертизага юборилди.
Шунингдек, оила яшаган меҳмонхона ҳудудида яна икки сайёҳ заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилгани маълум қилинди. Полиция меҳмонхонани тўлиқ эвакуация қилди ва меҳмонлар бошқа жойларга кўчирилди.






