АсосийДунё

Россияга кирган мигрантлар сони 1 миллионга камайди

Россияга энг кўп Қозоғистон, шунингдек Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташриф буюрмоқда.

'Россияга кирган мигрантлар сони 1 миллионга камайди'ning rasmi

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Россияга кирган чет элликлар сони 1 миллионга камайган. Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Чегара хизмати маълумотларига таяниб, Москва FM хабар берди.

Маълумотларга кўра, Россияга энг кўп Қозоғистон, шунингдек Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташриф буюрмоқда.

Мутахассислар мигрантлар оқими камайишини мамлакатда миграция қонунчилигининг кучайтирилиши билан боғламоқда. Ҳуқуқшунослар таъкидлашича, Россияда ноқонуний турган чет элликлар тўғрисидаги маълумотлар киритиладиган оммавий очиқ реестр ишга туширилган. Бу реестрдаги шахсларга 30 минг рублдан юқори бўлган банк операциялари, никоҳ қайд этиш каби хизматлардан фойдаланиш чекланади.

Бундан ташқари, чет элликларни депортация қилиш жараёни тезлаштирилган ва ноқонуний миграцияни ташкил қилиш учун жавобгарлик янада кучайтирилган.

Қонунлар қатъийлашгани фақат меҳнат мигрантларига эмас, балки туристлар оқимига ҳам таъсир кўрсатган. Тур операторлар ассоциацияси маълумотига кўра, йил бошидан буён туристлар сони 6 фоиздан кўпроққа камайган. Асосий сабаблар сифатида транспортдаги қийинчиликлар, авиабилетлар қимматлиги, чет элликлар учун қулай тўлов воситаларининг йўқлиги ва SIM-карталар бўйича муаммолар қайд этилмоқда.

    Бошқа янгиликлар