АсосийДунё

Шифокорлар орқа миядаги ўсимтани кўз орқали олиб ташлашга эришди

Ушбу мураккаб ва ҳаёт учун хавфли операция қарийб 18 соат давом этди.

'Шифокорлар орқа миядаги ўсимтани кўз орқали олиб ташлашга эришди'ning rasmi

Мэриленд университетининг малакали нейрохирурглари жамоаси дунё тиббиётида мисли кўрилмаган муваффақиятга эришди — улар бемор Карла Флореснинг орқа миясидаги хавфли ўсмалардан бирини кўиз орқали олиб ташлашга муваффақ бўлишди. Ушбу мураккаб ва ҳаёт учун хавфли операция қарийб 18 соат давом этди ва натижада ўсма тўлиқ олиб ташланди. Энг муҳими, бемор тўлиқ ҳаётга қайтиш имконига эга бўлди.

Washington Post нашрининг ёзишича, операцияни нейрохирургия соҳасида юқори обрўга эга доктор Муҳаммад Лабиб бошқарган. 

Бу 19 ёшли Карла Флорес учун ҳаёт билан ўлим ўртасидаги жанг эди. Унинг организмида бир вақтнинг ўзида икки хил ўсма аниқланган: бири — мия соҳасида, иккинчиси эса бўйин қисмидаги орқа мияга яқин жойлашган бўлиб, фалажлик хавфини юзага келтираётган эди.

Шифокорлар аввал бошда миядаги ўсмани муваффақиятли олиб ташлашди. Бироқ орқа мияга яқин жойлашган ўсма мураккаб анатомик жойлашуви туфайли янада оғир ва хатарли саналади. Анъанавий жарроҳлик усуллари — оғиз ёки бўйин орқали кириш — жуда кўп асоратларга олиб келиши мумкин эди. Шу сабабли, доктор Лабиб ечим сифатида илгари тиббиётда қўлланилмаган, лекин эҳтимолий самарали бўлган инновацион усулни таклиф қилди — кўз орқали операция ўтказиш.

Бу қарор илмий жиҳатдан жиддий баҳоланиб, узоқ тайёргарлик талаб қилди. Жарроҳлар мурдаларда машқлар ўтказиб, ҳар бир ҳаракатни дақиқасигача ҳисоблаб чиқишди. Жамоадаги яна бир етакчи мутахассис, доктор Калпеш Вахариянинг таъкидлашича, операция вақтида кўз тузилмаларига етказилиши мумкин бўлган зарарни минималлаштириш жуда муҳим бўлган.

Мураккаб жараён давомида шифокорлар нафақат ўсмани эҳтиёткорлик билан олиб ташлашга, балки беморнинг кўриш қобилиятини сақлаб қолишга ҳам эътибор қаратишди. Ушбу ноёб операция вақтида юз суякларига титанли имплантлар жойланди.

Операция муваффақиятли якунланди: ўсма бутунлай олиб ташланди, ва Карла яна одатий ҳаёт тарзига қайтиш имконига эга бўлди.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар