Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Оқмарал Алназарованинг маълумот беришича, ўтган ҳафта касалланиш даражаси ўтган мавсумнинг худди шу даврига нисбатан 16 фоизга ошган. 1 сентябрдан буён мамлакатда 1,4 миллионга яқин ОРВИ ҳолати қайд этилган бўлиб, уларнинг 66 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда.
Мамлакат бўйлаб риновирус, параинфлуэнза, аденовирус, бокавирус, коронавирус, РС-вирус ва метапневмовирус кенг тарқалган. Шунингдек, болалар ва ҳомиладор аёллар учун хавфли ҳисобланган “Гонконг гриппи” штамми ҳам аниқланган — мавсум бошидан буён қарийб 600 та ҳолат қайд этилган.
Шарқий Қозоғистон, Абай ва Қўстанай вилоятларида бир қатор мактаблар вақтинчи масофавий таълимга ўтказилмоқда. Шарқий Қозоғистонда 23 мактабнинг 169 та синфида 3 мингдан ортиқ ўқувчи уйдан таълим олмоқда. Абай вилоятида ҳам ОРВИ билан касалланган болалар сони ортиши ортидан айрим синфлар онлайн ўқишга ўтказилган. Қўстанай вилоятида эса 72 та синфда дарслар бекор қилинган.
Бош вазир Ўлжас Бектенов Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий ҳокимиятларга тиббий ёрдам сифатини кучайтириш юзасидан кўрсатма берди.






