Саудия Арабистони 2026 йилдан бошлаб 600 та махсус туристик ҳудудда алкоголли ичимликларни сотишга рухсат беришни режалаштирмоқда. Бу қарор мамлакатнинг "Vision 2030" дастури доирасида туризмни ривожлантириш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш мақсадида қабул қилинмоқда.
Рухсат берилган ҳудудлар қаторига беш юлдузли меҳмонхоналар, люкс курортлар ва NEOM, Қизил денгиз лойиҳаси ҳамда Синдалах ороли каби йирик туризм лойиҳаларидаги махсус зоналар киради. Алкоголли ичимликлар фақатгина лицензияланган жойларда, жумладан, меҳмонхоналар ва курортларда сотилади. Улар фақатгина вино, пиво ва сидр каби 20%дан кам алкоголли ичимликлар билан чекланади. Кучли спиртли ичимликлар, оммавий савдо ва реклама, шунингдек, уйлар ва жамоат жойларида алкогол истеъмоли қатъиян тақиқланади.
Бу ўзгаришлар 1952 йилдан буён амал қилиб келаётган умумий алкогол тақиқининг илк кенг кўламли юмшатилиши ҳисобланади. 2024 йилда Саудия Арабистони дипломатик кварталида фақатгина мусулмон бўлмаган дипломатлар учун мўлжалланган биринчи алкогол дўкони очилган эди. Бу дўконга кириш махсус мобил иловада рўйхатдан ўтиш ва ташқи ишлар вазирлигидан рухсат олиш орқали амалга оширилади.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони 2034 йилги ФИФА Жаҳон чемпионати давомида алкоголли ичимликларга рухсат берилмаслигини тасдиқлади. Саудия Арабистонининг Буюк Британиядаги элчиси, шаҳзода Халид бин Бандар Ал Сауд, Лондондаги интервьюсида шундай деди: "Ҳозирда биз алкоголга рухсат бермаймиз. Алкоголсиз ҳам кўплаб қизиқарли фаолиятлар билан шуғулланиш мумкин. Бу 100% зарур эмас."
Ушбу қарор Саудия Арабистонининг диний ва маданий қадриятларини сақлаб қолишга бўлган интилишини акс эттиради. Мамлакат ҳукуматининг таъкидлашича, алкоголга рухсат берилган ҳудудлар қатъий назорат остида бўлади ва умумий аҳоли учун алкогол тақиқлари ўз кучида қолади.
Бу ташаббус Саудия Арабистонининг халқаро туризм бозорида рақобатбардошлигини ошириш ва 2030 йилдаги Экспо ҳамда 2034 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш мақсадларига хизмат қилади.
Абдуллоҳ Саййид