Туркиянинг бир неча вилоятида юқори ҳарорат ва кучли шамол ортидан ўрмон ёнғинлари авж олди. Айниқса, Измир, Маниса, Мугла, Адана, Ҳатай, Айдин ва бошқа ҳудудларда ёнғинлар бир вақтнинг ўзида бир неча нуқтада кузатилди.
Измирнинг Мендерес ва Сеферихисар туманларида ёнғинлар 12 километргача майдонда тарқалди. Ҳатто ёзги дам олиш масканлари, хонадонлар ва автотранспорт воситалари ҳам зарар кўрган. 10 та маҳалла хавф остида қолган.
Манисанинг Ақҳисор туманида ёнғин 3 кундан бери давом этмоқда. 3 та самолёт, 5 та вертолёт, 85 та ўт ўчирувчи машина ва юзлаб ишчи жалб қилинган.
Ҳатайнинг Антақия туманидаги Қараали маҳалласидан аланга кўтарилган. Ёлқинлар аҳоли яшаш ҳудудларига яқинлашган. Ҳаво ва ер орқали кураш олиб борилмоқда.
Айрим ҳудудларда — Анталия, Мардин, Османие, Айдин ва Мерсинда ёнғинлар назоратга олинган. Аммо бошқа нуқталарда хавф ҳамон сақланиб турибди.
Туркия халқи кучли шамол ва 40 даражага яқин иссиқда ёнғинлар билан яккама-якка курашаётган бир пайтда, савол очиқ қолмоқда: шундай фавқулодда ҳолатларга қарши тайёргарлик даражаси етарлими?
Йўқолганлар борми? Қурбонлар сони аниқми? Янги ёнғинлар қанча ҳудудга таҳдид солмоқда?
Кўзлар осмонда учаётган самолётларда, умидлар сув сепаётган одамларда. Аммо Туркиянинг нафас йўллари — ўрмонлар — оловда.