Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги бозорда фаолият юритган эркакни 5 киши пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Шўрчи туманида содир бўлган ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Билдирилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода айтилишича, ҳолат жорий йилнинг 16 июль куни содир бўлган. Марҳумнинг аёли бу қотилликни бозорда ўзлари билан деярли бир жойда фаолият юритувчи ошхона эгалари амалга оширганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ушбу емакхона эгалари аввалдан “эрингни ҳам, сени ҳам сихлаб кетамиз”, дея қўрқитиб келган. Ўша куни эса ошхона эгаларидан бири марҳумга пичоқ ва кабоб сихлари билан ҳужум қилган. Турмуш ўртоғига ёрдам бермоқчи бўлган аёлга ҳам қўшни ошхона эгаларининг оила аъзолари тан жароҳати етказган. Аёл 4 фарзанди билан бева қолган.