АсосийЖАМИЯТ

Тошкентдаги автозапчастлар бозорида товламачилик қилган 14 нафарга ҳукм ўқилди

Суд уларни товламачилик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, қилмишининг оғирлигига қараб 3 йилдан 6 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

'Тошкентдаги автозапчастлар бозорида товламачилик қилган 14 нафарга ҳукм ўқилди'ning rasmi

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган “Автомобил эҳтиёт қисмлари бозори” ҳудудида товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.

Маълум қилинишича, мазкур жиноий гуруҳ аъзолари 2025 йил июнь ойида қўлга олинган. Улар 1988–2002 йиллар оралиғида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган шахслар бўлиб, аксарияти муқаддам судланган.

Тергов материалларига кўра, гумондорлар мижозларнинг автомобилига уларнинг розилигисиз ва олдиндан келишувсиз турли жиҳоз ҳамда эҳтиёт қисмларини ўрнатиб, техник хизмат кўрсатган. Кейин эса бозор қиймати тахминан 600 АҚШ долларини ташкил этувчи хизмат учун фуқародан товламачилик йўли билан 13 минг 300 АҚШ доллари талаб қилиб, ундирган. Эътироз билдирган мижоз эса қўрқитиш ва таҳдидлар билан босимга учраган.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда жиноий гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқаронинг автомобилига унинг розилигисиз эҳтиёт қисмларини ўрнатиб, хизмат ҳақини бозор нархидан уч баравар қиммат баҳолаган. Улар автомобил калитини олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали фуқародан 15 миллион сўм ундирган.

Бугун, 29 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида мазкур иш юзасидан 14 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинди.

Суд уларни товламачилик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, қилмишининг оғирлигига қараб 3 йилдан 6 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шунингдек, муқаддам судланган айрим маҳкумлар жазони қаттиқ тартибли колонияда, қолганлари эса умумий тартибдаги жазони ижро этиш муассасаларида ўташи белгиланди.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентдаги автозапчастлар бозорида товламачилик қилган 14 нафарга ҳукм ўқилди - Darakchi.uz