Магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда сертификат талаби бекор қилинмаган, дея ёзмоқда Олий таълим, фан вп инновациялар вазирлиги ахборот хизмати.
Хабарга кўра, ижтимоий тармоқларда 2025 йил 19 июлдаги ПФ–114-сонли Президент Фармони нотўғри талқин қилинган. Шу муносабат билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди:
Мазкур Президент Фармони билан айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди ва баъзиларининг айрим бандлари ўз кучини йўқотди.
Хусусан, 2021 йил 19 майдаги ПҚ–5117-сонли Қарорнинг 6-банди тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланди. Ушбу бандда магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда хорижий тил сертификати талабининг илк жорий этилиши назарда тутилган эди.
Бироқ мазкур норманинг чиқариб ташланиши хорижий тил бўйича сертификатлар талаби бутунлай бекор қилинди дегани эмас.
Сабаби, 2024 йил 24 майдаги ПФ–81-сонли Президент Фармони билан магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилиши белгиланган:
- хорижий тиллар йўналишлари бўйича — камида C1 даражасида;
- гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича — камида Б2 даражасида;
- бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари бўйича — камида Б1 даражасида.
Шу муносабат билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ПФ–81-сон Президент Фармони билан белгиланган хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатлар талаби ҳозирда ҳам амалда эканини эслатади ва бу борада тарқалаётган нотўғри талқинларга эътибор бермасликни сўрайди, дейилади хабарда.