ЕИ расмийлари Украинага ёрдам дастурини давом эттириш учун қўшимча маблағ кераклигини билдирди. Шу боис Брюссел Россиянинг музлатилган давлат активларидан фойдаланиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Ҳозирча бу маблағлардан қандай фойдаланиш бўйича якдил қарор йўқ: айрим давлатлар активларнинг ўзини тўлиқ мусодара қилишни таклиф қилса, бошқалар фақат улардан тушаётган даромадни Украинага ажратишни маъқул кўрмоқда.
The Guardian'нинг ёзишича, ЕИ Россияга қарши 19-санкциялар пакетини тайёрламоқда. Politico эса Еврокомиссия 200 млрд еврога яқин активларни Украинага ўтказиш учун махсус механизм устида ишлаётганини хабар қилди.
ЕИ ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас таъкидлаганидек, Россия активлари уруш тугамагунча ва Кремль етказилган зарарларни қопламагунча қайтарилмайди.