Москва ва Москва вилоятида 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий фуқароларнинг миграция ҳисобини юритиш бўйича янги тажриба лойиҳаси старт олди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Мазкур тажриба доирасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украина фуқаролари учун “Амина” мобил иловасидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Илова хорижий фуқароларнинг яшаш жойи ва унинг ўзгариши ҳақида ички ишлар органларига масофадан туриб маълумот бериш имконини беради.
Рўйхатдан ўтиш учун хорижий фуқаро шахсий телефонига “Амина” иловасини ўрнатиши лозим. Авторизация хорижий фуқаролик картаси ёрдамида амалга оширилади, мазкур ҳужжат йўқолган тақдирда эса паспорт маълумотлари орқали кириш мумкин бўлади.
Илова геолокация маълумотларини Россия Ички ишлар вазирлигига узатади. Агар уч иш куни давомида тизимда ҳаракат қайд этилмаса, фуқаро миграция маркази реэстридан чиқарилади. Мониторинг қоидаларини бузган шахслар эса “Кузатувдаги шахслар реэстри”га киритилиши мумкин.
ММК маълумотига кўра, тажриба лойиҳаси амалдаги миграция ҳисобини юритиш тартибига альтернатив сифатида синов тариқасида жорий қилинмоқда.