Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида жойлашган 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида болалар овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 август куни Қизилтепа қишлоғидаги ушбу боғчада тарбияланаётган 13 нафар бола ўзини ёмон ҳис қилган.
Улар зудлик билан шифокорлар кўригидан ўтказилган ва соғлиғи назорат остига олинган. Болаларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилмоқда.
Воқеа ортидан мактабгача таълим муассасаси фаолияти вақтинча тўхтатилиб, тегишли хизматлар томонидан кенг қамровли текширув ишлари бошланган. Жумладан, Санитария-эпидемиология хизмати, ССВ ва бошқа назорат органлари томонидан ҳодисанинг сабаблари ўрганилмоқда.
Масъул идоралар ҳолат юзасидан қонунчилик доирасида чора кўрилишини ва жамоатчиликка қўшимча маълумот тақдим этилишини билдирди.