Бугун, 8 сентябрь куни Истанбулда мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси (ЧП) офиси олдида минглаб одамлар иштирокида намойиш бошланди. Бу ҳақда “Hurriyet” нашри хабар берди.
Норозилик партиянинг Истанбул бўлими собиқ раҳбари Ўзгур Челик лавозимидан четлатилгач бошланган. Аҳоли бу қарорни адолатсиз дея баҳолаб, кўчаларга чиқди. Тарқалган видеоларда намойишчиларнинг полиция билан тўқнашгани, баъзилар эса қозон-товоқларни уриб норозилик билдираётгани акс этган.
2023 йилдаги партия съездида қонунбузарликлар бўлгани ҳақида судга мурожаат қилингач, 2 сентябрь куни суд съезд натижаларини ҳақиқий эмас деб топган ва бўлим раҳбариятини лавозимдан четлатган. Унинг ўрнига вақтинчалик раҳбар этиб Гурсел Текин тайинланди.
Истанбул губернатори уч кунлик намойиш, йиғилиш ва варақалар тарқатишга тақиқ жорий этди. Бунга қарамай, одамлар партия биноси олдида тўпланишда давом этмоқда.
Партия етакчиси Ўзгур Ўзел суд қарорини бекор қилишга чақириб, “Бу менинг сўнгги огоҳлантиришим”, деган. Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя эса партия аъзоларини қонунни менсимасликда айблади.
Ҳозиргача 14 нафар шахс “жиноятларга ундаш” ва “нафрат қўзғатиш”да гумонланиб қўлга олинган. Бу ҳодиса жорий йилдаги иккинчи йирик норозилик бўлиб, май ойида собиқ мер Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан ҳам мамлакат бўйлаб катта намойишлар бўлиб ўтганди.