Oracle корпорацияси асосчиси Ларри Эллисон илк бор Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маскни ортда қолдириб, дунёнинг энг бой одамлари рейтингида етакчиликни қўлга киритди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, Эллисоннинг бойлиги 393 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, у Маскнинг 385 миллиард долларлик капиталидан ошиб кетди. Энг эътиборли жиҳати шундаки, Эллисон бир кун ичида 101 миллиард долларлик рекорд даромад кўрсаткичини қайд этди. Бу Bloomberg рейтинглари тарихидаги энг йирик бир кунлик ўсиш сифатида қайд этилган.
Сўнгги бир йил давомида энг юқори поғонани Илон Маск эгаллаб келган эди. У илгари Amazon асосчиси Жефф Безос ва LVMH раҳбари Бернард Арно билан етакчиликни баҳам кўрган. Ҳозирги рейтингда Безос тўртинчи, Арно эса саккизинчи ўринда жойлашган.
Эллисоннинг капитали Oracle компаниясининг булутли технологиялар бўйича ижобий прогнозидан кейин кескин ошди. Компания акциялари чоршанба куни 41 фоизга кўтарилиб, йил бошидан бери 45 фоизга ўсди. Tesla акциялари эса 13 фоизга тушиб кетди.