Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, дунёда вабо касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият ёмонлашмоқда.
Хусусан, 2024 йилда бу хасталикни юқтириш ҳолатлари 2023 йилдагига нисбатан 5 фоизга, ўлим кўрсаткичлари эса 50 фоизга ортган. Яъни ўтган йили 6000 нафардан ортиқ одам вабо қурбонига айланган. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Қолаверса, 2024 йили эпидемия ўчоқлари аниқланган мамлакатлар сони 60 тага етган. Бу ҳам ундан аввалги йилдагига нисбатан 15 та кўп кўрсаткич.
Юқори ўсиш ҳолатлари қайд этилган ҳудудлар рўйхатида Африка, Осиё ва Яқин Шарқ минтақалари давлатлари етакчилик қилмоқда. Касаллик қурбонларининг тўртдан бир қисми тиббиёт муассасаларига бормасдан вафот этган.
Хавотирли жиҳати, 2025 йилда ҳам глобал вабо инқирози давом этмоқда: йил бошидан буён 31 мамлакатда касаллик тарқалиши қайд этилгани бунинг тасдиғи.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ҳукуматлар, донорлар ва маҳаллий ҳамжамиятларни вабога қарши ҳамжиҳатликда курашишга чақирди. Бунинг учун, аввало, аҳолини хавфсиз ичимлик суви ва гигиена воситалари билан таъминлаш зарур.
Бинобарин, ўтган йил бошида вабога қарши янги инновацион вакцина (ОCВ) тасдиқдан ўтган. Бироқ уни хасталик ўчоқларига етказиб бериш суръати талаб даражасида эмас.
Ўз навбатида, самарали эпидемиологик назорат ва тезкор диагностика вабони жиловлашда катта натижа бериши мумкин.