Кеча, 16 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп рафиқаси Мелания Трамп билан Буюк Британияга иккинчи бор давлат ташрифи билан борди.
Трампнинг бу ташрифи замонавий тарихда икки марта давлат ташрифи билан келган илк хорижий сиёсатчи сифатида тарихга кирмоқда.
Президент ва биринчи хоним ташрифнинг илк кунини Беркшир графлигидаги Виндзор қалъасида ўтказмоқда.
Дастурга кўра, Трамп қирол Чарлз III билан учрашади, сарой ҳудудида тантанали маросимлар, отлиқ ҳарбийлар ҳамроҳлигидаги сайр, артиллерия салюти, ҳаво паради ва гулчамбар қўйиш маросимларида иштирок этади.
18 сентябрь куни Трамп Британия Бош вазири Кир Стармер билан Чекерс қароргоҳида учрашади. Музокаралар, бизнес вакиллари учун қабул ва қўшма матбуот анжумани режалаштирилган.
Ташриф кучайтирилган хавфсизлик шароитида ўтмоқда — полиция, дронлар, снайперлар ва дарё патруллари жалб қилинган.
Ташриф давомида норозилик намойишлари ҳам ўтказилиши кутилмоқда. “Сtop Trump Coalition” ҳаракати Лондон ва Виндзорда акциялар ўтказишни режалаштирган. Полиция харажатлари 2019 йилдаги 14,2 миллион фунтдан ҳам ошиши мумкин.