Ўзбекистон жорий йилнинг 14 сентябрь ҳолатига кўра, дунёда энг арзон ёнилғи рейтингида 30-ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Ранкинг.кз” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда бир литр бензиннинг ўртача нархи 0,98 доллар бўлиб, ушбу рейтингда 127 давлат орасида ушбу ўринни банд қилди.
Энг арзон бензинга эга 5 та давлатлар орасида Ливия, Миср, Кувайт ва Жазоир қатори Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон ҳам бор. Энг юқори нархлар эса Мянма, Гонконг ҳамда Исландияда қайд этилган.
МДҲ давлатларидан Қозоғистонда бир литр бензин ўртача 0,46 доллар, Озарбайжонда 0,67 доллар, Россияда 0,72 доллар, Беларусда 0,76 доллар ва Қирғизистонда 0,82 доллар бўлган.
Бир литр бензиннинг ўртача нархи Ўзбекистонга қараганда Тожикистон (1,11 доллар), Арманистон (1,36 доллар), Украина (1,38 доллар) ва Молдовада (1,44 доллар) қимматроқ.
Дунёнинг 397 та шаҳри орасида Тошкент ушбу ёнилғи нархлари арзонлиги бўйича 90-ўринни эгаллаган. Пойтахтда бензиннинг ўртача нархи 0,99 долларни ташкил этди. Рейтингга киритилган МДҲ шаҳарлари орасида энг паст нархлар Остонада, энг юқори нарх эса Кишинёвда кузатилган.