Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида Наманган халқаро аэропортида қурилаётган янги йўловчи терминали билан танишди.
Маълум қилинишича, лойиҳага жами 175 миллион доллар инвестиция жалб этилган. Янги терминални 2026 йил якунига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли терминал соатига 1,2 минг нафар, йилига эса 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Бу аэропортнинг мавжуд имкониятларини бир неча бараварга оширади.
Терминалда чегара ва божхона назорати пунктлари, виза хизмати, бизнес-зал, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда Duty Free ҳудуди жойлаштирилади. Лойиҳа доирасида 550 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Шунингдек, 2027 йил охирига қадар кунлик қуввати 50 тонна бўлган карго терминалини ишга тушириш кўзда тутилган. Бу Фарғона водийсида ягона замонавий карго тизимини шакллантириш ва маҳсулотлар экспорти географиясини кенгайтириш имконини беради.






