Россиянинг Ингушетия Республикасида Сунжа дарёси оқими олиб кетган саккиз ёшли болани қидириш ишларига минглаб кўнгиллилар ва қутқарувчилар жалб қилинди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, қидирув ҳудуди қарийб 30 километргача кенгайтирилган.
Фожиа 15 июнь куни Яндаре қишлоғи яқинида содир бўлган. Дарё бўйида дам олаётган болалардан бири сувга чўка бошлаганида, саккиз ёшли Хизир дўстини қутқариш учун ўзини сувга ташлаган. У дўстини қутқариб қолган, аммо ўзи кучли оқим исканжасида қолиб, сув остида ғойиб бўлган.
Ингушетия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қидирув ишларига жами 6 минг киши жалб қилинган бўлиб, уларнинг 4,5 минг нафари кўнгиллилардан иборат.
Қайд этилишича, кўнгиллилар Чеченистон, Доғистон, Шимолий Осетия, Кабарда-Балқария ҳамда Кавказнинг бошқа ҳудудларидан келган. Улар дарё қирғоқларини кўздан кечириш, сув ости қидирувларида иштирок этиш ва қутқарувчиларга кўмаклашишмоқда.
Ҳозирда дарё бир нечта секторларга бўлиниб, ҳар бир ҳудуд алоҳида текширилмоқда. Қидирув самарадорлигини ошириш мақсадида Сунжа дарёсининг айрим қисмлари вақтинча тўсилган. Ғаввослар эса сув тубининг ҳар бир метр қисмини қўлда пайпаслаб текширмоқда.
Ҳозирча боланинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.






