Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, 2025 йилда давлат органлари фаолияти очиқлиги бўйича якуний баҳолаш натижаларида энг паст кўрсаткичлар Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қайд этилди. Рўйхатда Тошкент ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимликлари ҳам бор.
“Қизил” тоифага банклардан Алоқабанк, Тошшаҳартрансхизмат, Судьялар олий кенгаши, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон темир йўллари ҳам киритилди. Ушбу тоифадаги раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш юзасидан таклифлар киритилиши мумкин.
Маълум қилинишича, баҳолаш 97 та вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимият органларини қамраб олиб, 8 индикатор ва 84 мезон асосида ўтказилган. Якунда 66 та ташкилот “яшил”, 22 таси “сариқ”, 9 таси эса “қизил” самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди. Ўтган йилга нисбатан “яшил” тоифадагилар 34 фоизга ошган, “сариқ” ва “қизил” тоифадагилар эса мос равишда 36 ва 31 фоизга камайган.
Очиқлик бўйича энг юқори натижалар Навоий конь-металлургия комбинати, Ўзбекгидроэнерго, Ўзавтосаноат, Транспорт назорати инспекцияси, Олмалиқ конь-металлургия комбинати, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан қайд этилди.
“Қизил” тоифага кирган ташкилотлар раҳбарларининг очиқлик соҳасидаги камчиликлари ва уларни бартараф этиш режалари Миллий кенгаш, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитилиши режалаштирилган.






