АсосийЖамият

Украинада 13 нафар ўзбек қулликда сақлангани айтилди

Бу одамларни энг оғир даражада хўрлашган: ҳатто ҳожатхонага боришга ҳам белгиланган жадвал асосида рухсат этилган — Украина прокуратураси.

'Украинада 13 нафар ўзбек қулликда сақлангани айтилди'ning rasmi

Украинанинг Киев вилоятида 13 нафар Ўзбекистон фуқароси қулликда сақлангани маълум бўлди. Бу жиноят схемасини ташкил қилган 4 нафар шахс терговга тортилиб, суд қилинади. Бу ҳақда ТЧ нашри хабар берди.

Билдирилишича, пойтахт Киев яқинида икки нафар хитойлик, бир нафардан Ўзбекистон ва Украина фуқароси одамларни эксплуатация қилиш бўйича схема ишлаб чиққан. Гумонланувчилар қўлга олинган.

Айбланувчилар потенциал қурбонларни чет давлатлардан излаб топишган ва Украинага олиб келишган. Улар мажбурлаб ишлатилган ва даромадни бошқалар ўзлаштирган.

“Тергов маълумотларига кўра, гумондорлар мажбурлаш ва алдамчилик йўлидан фойдаланган. Улар бу жиноий фаолиятига иш жойига эга бўлмаган, оғир моддий аҳволда қолган ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоясиз шахсларни жалб қилишган”,— дейилган Украина ҳуқуқ-тартибот ташкилотларининг хабарида.

Мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар устидан қаттиқ назорат ўрнатилган. Уларга эркин ҳаракат қилиш имконияти берилмаган.

“Бу одамларни энг оғир даражада хўрлашган: ҳатто ҳожатхонага боришга ҳам белгиланган жадвал асосида рухсат этилган. Энг кичик қоидабузарлик учун ҳам жарима солинган”, — дейилган Украина прокуратурасининг баёнотида.

    Бошқа янгиликлар