АҚШ ҳукумати Греен Cардга ўхшаш хорижий фуқароларга мамлакатда яшаш ҳуқуқини тезлаштирган тартибда берадиган "Trump Gold Card" (“Трампнинг олтин картаси”) дастурини ишга туширди. 19 сентябрь куни Дональд Трамп бу борадаги янги фармонни имзолади.
Унга кўра, ушбу дастур АҚШга “жуда муваффақиятли” ва “жуда самарали” инсонларни жалб қилишга қаратилган. “Улар бу ерга келиш учун катта маблағ сарфлайди”, деди у. Президентнинг фикрича, дастур мамлакатга миллиардлаб доллар олиб киради, бу маблағлар солиқни камайтириш, давлат қарзини тўлаш ва бошқа фойдали ишларга йўналтирилади.
Янги дастур АҚШни қўллаб-қувватлашга тайёр, 1 миллион доллар тўлашга рози ва юқори малака ёки қобилиятга эга хорижий фуқаролар учун янги турдаги визани назарда тутади. Шунингдек, АҚШ компаниялари ҳам ўзининг хорижлик ходимига тезлаштирилган тартибда яшаш ҳуқуқи олиш учун ҳукуматга 2 миллион доллар тўлаши мумкин.
Дастур сайтида яна бир вариант мавжуд: 5 миллион доллар тўлаган хорижий фуқарога Трумп Платинум Cард (“Трамп платина картаси”) берилади. Ушбу картага эга бўлган шахслар АҚШдан ташқарида олган даромадлари учун АҚШда солиқ тўлашдан озод қилинади.
АҚШ савдо вазири Говард Латникнинг таъкидлашича, дастур мамлакатга “янги бизнес очадиган ва америкаликлар учун иш ўринлари яратадиган” инсонларни жалб қилади. Унга кўра, ушбу дастур орқали АҚШ бюджетига 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ келиб тушади.
Шу куни Трамп яна бир фармон имзолади. Унга кўра Ҳ-1Б туридаги махсус визалар бериш қоидалари ўзгартирилди. Ушбу визалар АҚШ компанияларига бошқа давлатлардан юқори малакали мутахассисларни ишга олиш имконини берарди. Энди эса компаниялар хорижий мутахассисни олиб келмоқчи бўлса, давлатга 100 минг доллар тўлаши шарт. Маъмурият бу ўзгаришлар америкаликларни ишга олиш ва уларни ўқитишга кўпроқ ундайди, деб ҳисобламоқда.