Шу йилнинг 20 сентябрь куни соат 13:00 лар атрофида Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Яккатут қишлоғига ёндош Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ёнғин келиб чиққан.
Бу ҳақда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш ва чўлланишга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Воқеа жойига ўрмон хўжалиги масъуллари, 40 нафардан зиёд ишчи-ходимлар, 10 нафар ушбу маҳалладаги ёнғин қутқарув гуруҳи кўнгиллилари ҳамда туман ИИБ ходимлари етиб борган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ёнғин шу куни соат 14:40 да тўлиқ ўчирилган.
Маълум қилинишича, оқибатда 1,5 гектарга яқин ер майдонидаги қуриган ўтлар ёнган. Ёнғин Яккатут қишлоғида яшовчи 1956 йилда туғилган фуқаро С.Д нинг техника хавфсизлигига риоя қилмасдан ичимлик суви металл қувурини пайвандлаши оқибатида келиб чиққан.
Ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 84-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.