АсосийДунё

Туркияда 127 ёшли онахон вафот этди

У 3 подшоҳ ва 12 президентни кўрган.

'Туркияда 127 ёшли онахон вафот этди'ning rasmi

23 сентябрь куни Туркиянинг Амася вилоятида мамлакатнинг энг кекса фуқароси — 127 ёшли Ойша Байри вафот этди. Бу ҳақда “Medya gazete” хабар берди.

Онахон умр давомида Усмонли империясининг сўнгги 3 подшоҳи (Абдулҳамид II, Меҳмед V, Меҳмед VI) ва Туркия Республикаси президентлигига келган 12 раҳбар, жумладан, Мустафо Камол Отатуркдан тортиб Ражаб Тоййиб Эрдўғангача бўлган даврни бошдан кечирди.

Ойша Байри 1898 йил 1 июлда туғилган бўлиб, 5 фарзанд ва 20 набиранинг бувиси эди. Нафас қисиши ва орган етишмовчилиги сабабли шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Унга “Ҳожи Мустафо” масжидида жаноза ўқилиб, Сулуова туман қабристонига дафн қилинди. Маросимда қатнашган туман ҳокими Ойша онани “минтақанинг энг кексаси” деб атаб, оиласига ҳамдардлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Фарғонада 1895 йилда туғилган Ҳувайдо Умарова (Тошматова)нинг туғилганлик фактини суд белгилаганди. Шу тариқа у Ўзбекистондаги энг ёши улуғ инсон деб тан олинган.

    Бошқа янгиликлар