АҚШ президенти Дональд Трамп БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Европа мамлакатларини кескин танқид қилиб, улар оммавий ва ноқонуний миграция оқибатида “жаҳаннам томон кетмоқда”, деб баёнот берди. Бу ҳақда Zamon.uz ҳабар берди.
Унинг сўзларига кўра, қитъани мигрантлар тўлқини қамраб олган ва ҳеч ким бу жараённи тўхтатиш учун жиддий чора кўрмаяпти.
Трамп Лондон мисолида шаҳар бутунлай ўзгарганини, айрим кучлар эса ҳатто шариат қонунларини жорий этишга интилаётганини таъкидлади.
У, шунингдек, мигрантлар Ғарбнинг яхшиликларига зўравонлик ва қотиллик билан жавоб қайтаришини айтиб, ҳар бир давлат ўз чегараси ва маданиятини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлиши зарурлигини билдирди. Президент насронийлик энг кўп таъқиб этилаётган динлардан бири эканини эслаб, Ғарбнинг ўзига хос қадриятларини ҳимоя қилишга чақирди.
Трамп иқлим ўзгариши масаласига ҳам тўхталиб, буни “барча даврлардаги энг катта ёлғон” деб атади ва “яшил энергетика”ни ҳаддан ташқари қиммат ҳамда самарасиз афсона сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, Европа ҳавони тоза қилиш учун заводларни ёпиб қўйган бир пайтда, бошқа давлатлар океан ва ҳавога тонналаб чиқиндилар ташламоқда.
Америка раҳбари БМТни ҳам танқид қилиб, ташкилот муаммоларни ҳал этмасдан, балки янгиларини яратаётганини, жумладан ноқонуний мигрантларни тинч мамлакатларга киришини молиялаштираётганини билдирди. Шу билан бирга, у АҚШдаги ноқонуний мигрантларни ҳайвонларга қиёслади.
Трамп Украинадаги можарони эса АҚШнинг аввалги раҳбарияти хатолари билан боғлади ва Европа мамлакатларига мурожаат қилиб, улар Россияга қарши кураш олиб бориш билан бир вақтда унинг энергетик ресурсларини харид қилишда давом эта олмаслигини, бу “хиёнат” сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлади. У Хитой ва Ҳиндистон Россия билан иқтисодий алоқалари орқали Украинадаги урушни молиялаштираётганини ҳам қўшимча қилди.
Шу билан бирга, президент АҚШнинг халқаро ҳамкорликка очиқ эканини билдириб, “Биз биргаликда хавфсиз ва фаровон дунё қура оламиз”, деди. У нутқини ўз услубида якунлаб, “Мен доимо ҳақман, воқеаларни олдиндан кўра оламан. Менда ‘Трамп ҳамма нарсада ҳақ’ деб ёзилган кепка бор”, дея қўшимча қилди.