АсосийБу қизиқ

Турк актёри Эмре Кивилжим актриса Юлдуз Ражабова билан унаштирилди

Жуфтлик суратларини Instagram саҳифаларида биргаликда эълон қилди.

'Турк актёри Эмре Кивилжим актриса Юлдуз Ражабова билан унаштирилди'ning rasmi

Турк актёри Эмре Кивилжим актриса Юлдуз Ражабовага турмуш қуриш таклифини бериб, қўлига узук тақди. Жуфтлик суратларини Инстаграм саҳифаларида биргаликда эълон қилишди.

Юлдуз Ражабова турк актёри Эмре Кивилжим билан 2020-йилда “Мендирман Жалолиддин” сериалини суратга олиш жараёнларида танишган.

Эмре сериалда бош қаҳрамон — Жалолиддинни гавдалантирган, Юлдуз эса Жалолиддиннинг севгилиси — Қутлибекани ижро этганди.

Сериал тақдимотидан сўнг турк ва ўзбек ОАВларида Эмре ва Юлдузнинг ҳаётда ҳам бир-бирига нисбатан илиқ муносабатда эканлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Сериалнинг Тошкентдаги тақдимотида Эмре ва Юлдузнинг нақадар яқин муносабатда экани ошкор бўлди.

2021-йилда Эмре Кивилжим Instagram саҳифасига Юлдуз Ражабова билан тушган суратини жойлаб, уни туғилган куни билан табриклади ҳамда “Туғилган кунинг билан, севгилим” деб ёзиб қолдирди.

Ушбу пост изоҳига ўзбек шоу-бизнеси вакиллари икки ёшга бахт тилаб, самимий тилакларни ёзиб қолдиришди.

Юлдуз ва Эмре бир неча бор турли маданий тадбирларда бирга иштирок этди, жуфтлик мухлисларига Дубай ва Истанбул саёҳатларида ҳам бирга кўриниш берди.

Эмре Кивилжим 2023-йилда журналист Жасур Ҳамроевга берган интервюсида “Юлдузга бўлган севгингиз тугадими?” деган саволга “Ишқ битмас, у мозорга қадар”, деб жавоб берган эди.

Ўтган вақт ичида Юлдуз Ражабова туркиялик ҳамкасби билан муносабатларига ҳеч қандай изоҳ бермаган.

“Темп ФМ” радиосига берган янги интервюсида эса актриса аслида Эмре билан фақат дўстона муносабатда бўлгани, дўстона қучоқлашишларни ОАВ вакиллари нотўғри талқин қилгани ҳақида гапирганди.

Эмре Кивилжим билан ҳамкасб, дўстона муносабатларимизни ОАВ вакиллари муҳаббатга йўйишди. Бизда журналистлар ўзлари ишонган нарса ҳақида гапиришни яхши кўришади.

Аслида биз бир-биримизни лойиҳа билан табриклаб қучоқлашганимиз ва бирга тушган суратларимизни турли ОАВ вакиллари ўз саҳифаларига жойлаганидан сўнг, биз ҳақимизда турли гап-сўзлар тарқалди. Буларнинг барчаси ҳақиқатдан йироқ. Бугунги кунда юрагим бўм-бўш, деган эди Юлдуз Ражабова.

    Бошқа янгиликлар