Мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этила бошлайди, “чиройли” давлат рақами белгиларининг аукцион савдолари тўхтатилади, “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури жорий этилади — 1 октабрдан кучга кирадиган шу ва бошқа қонунчилик ўзгаришлари Газета шарҳида.
1 октабрдан Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар кучга киради.
Судьялик лавозимларига номзодлар касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади
Президент 21 августда имзолаган фармонга кўра, Ўзбекистонда Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этилмоқда. Академия судьялик лавозимларига номзодларни ўқитиш, амалдаги судьялар васуд аппарати ходимларининг малакасини ошириш билан шуғулланади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьялик лавозимларига номзодлар давлат гранти асосида олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади.
Курсларга қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади.
Ўқиш даврида тингловчиларга судья ёрдамчисининг 1 ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади.
Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида раҳбарлар учун курслар ташкил қилинади
Шавкат Мирзиёев 5 май куни имзолаган фармон билан президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилмоқда.
Академиянинг асосий вазифаларидан бири этиб давлат хизматчиларининг малакасини мунтазам ошириб бориш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, бошқарув кадрларини магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларида ўқитиш белгиланди.
2025 йил 1-октябрдан академияда давлат хизматидаги раҳбарлар, раҳбарликка номзодлар ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар жорий этилади.
Давлат хизматчиларининг хизмат сафарларини ташкил этиш hrm.argos.uz электрон тизими орқали амалга оширилади
19 июнь куни Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган фармонга кўра, 2025−2026 йилларда давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Хусусан, ҳужжатга кўра, 2025 йил 1-октябрдан давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш hrm.argos.uz электрон тизими таркибидаги “Хизмат сафари” ягона модули орқали амалга оширилади.
Мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади
Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги қарорига мувофиқ, 1 октябрдан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этила бошлайди.
Хавфсиз ҳаракатланиш учун мопед ва скутер ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларини билиши ва уларга риоя этиши шарт, шунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сон қарорига асосан улар малака оширишдан ўтиши ва “А” тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши шарт.
Ҳукуматнинг 2024 йил 8 июль ва 9 августдаги қарорларига билан 1 мартдан мопед ва скутерларга янги талаблар: мажбурий давлат рўйхатидан ўтиш, давлат рақами белгиларини олиш ва уларни бошқариш учун “А” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш жорий этилиши режалаштирилган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги қарори билан ҳайдовчилик гувоҳномаларига оид ушбу муддат яна олти ойга — 1 октябрга кўчирилди. Ҳукумат, шунингдек, эксплуатациядаги мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг амал қилиш муддатини 31-сентябргача узайтирди.
Енгил саноат корхоналарига қатор молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланади
Президентнинг 19 сентябрдаги фармони билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилмоқда.
Агентлик қошида Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Агентлик томонидан енгил саноат соҳасидаги корхоналарга 2025 йил 1 октябрдан қатор молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланади.
Хусусан, ташкилот халқаро брендларни жалб қилиш, стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш ишлари билан шуғулланади. Шунингдек, экспорт шартномалари бўйича суғурталашни молиялаштириш харажатларини қоплайди ҳамда мутахассисларни ўқитиш учун грантлар ажратади.
“Чиройли” давлат рақами белгиларининг аукцион савдолари тўхтатилади
Вазирлар Маҳкамасининг 4-сентябрдаги қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” 2025 йил 1 октябрдан бошлаб “чиройли” давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади.
Аукционга қўйилиб, сотилмаган, шунингдек, ишлаб чиқарилиб,сотилмаган харидоргир ҳарф варақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари:
1−3-тоифадаги давлат рақами белгилари — Узавтомотобелги давлат унитар корхонаси томонидан белгиланган ягона оширилган тўлов эвазига берилади.






