АҚШ ҳукумати 1 октябрга ўтар кечаси расман фаолиятини тўхтатди. Сабаб — президент Дональд Трамп ва Конгресс ўртасидаги бюджет келишмовчилиги. Бу сўнгги олти йил ичидаги илк шундай ҳолат бўлди.
CNN хабарига кўра, демократлар соғлиқни сақлаш тизимига қўшимча маблағ ажратилишини талаб қилган, республикачилар эса бюджетни вақтинча ноябргача узайтиришни таклиф қилган. Музокаралар натижасиз якунланганидан сўнг, федерал ҳукуматнинг айрим идоралари ишини тўхтатди.
Трамп демократларни айблаб, бу ҳолат минглаб давлат хизматчиларининг ишдан бўшашига олиб келишини таъкидлади. Маълумотларга кўра, 750 минггача ходим вақтинча ишсиз қолиши мумкин. Ҳарбийлар, почта ва ижтимоий дастурлар эса одатдагидек фаолият юритмоқда.
Сўнгги 50 йил ичида АҚШ ҳукумати 21 марта шундай молиявий боши берк кўчага кирган. Энг узоқ танаффус 2018 йилда бўлган бўлиб, 35 кун давом этган.






