АсосийДунё

Японияда аҳолига телефондан 2 соатдан ортиқ фойдаланмаслик тавсия қилинди

Тоёакэ шаҳрида кучга кирган янги қоида фуқароларнинг уйқу сифати ва оилавий муносабатларини яхшилашни мақсад қилади.

'Японияда аҳолига телефондан 2 соатдан ортиқ фойдаланмаслик тавсия қилинди'ning rasmi

Япониянинг Аичи префектурасига қарашли Тоёакэ шаҳрида маҳаллий ҳокимият аҳолига кунлик шахсий смартфонлардан фойдаланиш вақтини 2 соат билан чеклашни тавсия этди.

“South China Morning Post”нинг ёзишича, бу қоида 2025-йил 1-октябрдан кучга кирган бўлиб, мажбурий эмас, балки тавсиявий феъл-атворга эга.

Ҳужжатда айниқса болалар ва ўсмирлар учун вақт чекловларига урғу берилган: бошланғич синф ўқувчиларига соат 21:00 дан кейин, юқори синфларга эса 22:00 дан кейин телефондан фойдаланмаслик тавсия этилади.

Шаҳар мери Масафуми Коки бу ташаббус аҳолини назорат қилиш эмас, балки соғлом ва фойдали одатларни шакллантиришга қаратилганини таъкидлади. Унга кўра, ушбу тавсия фуқароларнинг уйқу сифатини ошириш ва оилавий алоқаларни мустаҳкамлашда ёрдам беради.

Тоёакэ кенгаши томонидан 22-сентябрда тасдиқланган бу қарор Япония тарихида аҳолига умумий экран вақти бўйича берилган биринчи расмий тавсия ҳисобланади. Шу билан бирга, фуқароларнинг турмуш тарзига ҳурмат билан ёндашиш ва ушбу сиёсат бўйича фикр-мулоҳазаларни таҳлил қилиш ваъда қилинган.

Маълумот ўрнида, 2024-йилда Японияда одамлар ўртача кунига 1 соат 47 дақиқа телефондан фойдаланган — бу дунё бўйича энг паст кўрсаткичлардан биридир.

    Бошқа янгиликлар