Ҳиндистонда йўталга қарши сироплар тақиқланди. Бунга мамлакатнинг айрим ҳудудларида сўнгги бир ой ичида 14 нафар боланинг номаълум сабабдан вафот этгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Қурбонлар Маҳараштра штатидаги Нагпур ва Мадҳя Прадешдаги Чҳиндвара шаҳарларида қайд этилган, уларнинг аксари қишлоқларда яшаган. Болаларда дастлаб енгил шамоллаш аломатлари, хусусан, иситма ва йўтал кузатилган. Лекин уларнинг аҳволи бирданига оғирлашиб, айримлари касалхонага ётқизилгандан кейин 24 соат ичида ҳушини йўқотган. Қурбонларнинг кўпчилигида буйрак етишмовчилиги аниқланиб, сунъий нафас олдириш ва гемодиализга муҳтож бўлиб қолган. Аммо бу чора-тадбирлар уларни сақлаб қолишга етарли бўлмаган.
Чҳиндваранинг Парасия шаҳрида 3–10 ёш орасидаги 6 нафар бола шу тарзда вафот этган. Доктор Нареш Гуннадега кўра, болалардан таҳлил намуналари олиниб, текширувга юборилган, натижалар ҳали эълон қилинмаган.
Шундан сўнг, расмийлар вафот этган болаларнинг уйларидан топилган баъзи дори воситаларини, хусусан йўтал сиропларини вақтинча сотишни ва улардан фойдаланишни тақиқлаган. Доктор Гуннаде бу ҳолат юқумли касаллик эмас, балки заҳарланиш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Бошқа бир тахминга кўра, айрим ўлим ҳолатлари камёб Чандипура вируси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу вирус мия яллиғланишини (энцефалит) келтириб чиқаради ва ҳозирча унга қарши вакцина мавжуд эмас. Шунга ўхшаш яна бир вирус — Япон энцефалити эса вакцинация орқали олдини олиш мумкин.
Экспертларнинг айтишича, бу каби ҳолатларда беморда иситма, тутқаноқ, онг чалкашиши, ҳатто фалаж ёки кома ҳолати кузатилади. Ўлим ҳолатлари 20-30 фоизгача етиши мумкин. Таъкидланишича, бу сафарги ҳолатлар баъзиларида энцефалит (вирусли яллиғланиш) эмас, балки энцефалопатия (заҳарланиш ёки атроф-муҳит таъсири оқибати) сифатида қайд этилган.
Марказий ҳукумат вазиятни ўрганиш учун Вирусология миллий институти ва Касалликларни назорат қилиш миллий маркази мутахассисларини Нагпур ва Чҳиндвара шаҳарларига юборган.
Айни пайтда Ражастан штатида ҳам икки нафар боланинг ўлими бўйича алоҳида текширув иши бошланган. Улар ҳукумат клиникасидан олинган йўтал сиропини ичиш оқибатида сўнг вафот этган. Яна 8 нафар боланинг аҳволи ҳам оғирлашган, бироқ улар тузалиб кетган.
Расмийларга кўра, бу сироп давлат соғлиқни сақлаш муассасалари орқали тарқатилган. Ҳозирда сиропнинг 22 та партияси тақиқланган. Бир шифокор дори хавфсизлигини исботлаш мақсадида уни ўзи ичган ва ҳушини йўқотган.
Ражастандаги Баяна туман соғлиқни сақлаш маркази раҳбари доктор Тарачанд Йоги сиропни ичиб, 8 соатга ҳушидан кетган. Биринчи ўлим ҳолати Сикар туманида 5 ёшли болада қайд этилган. У сироп ичганидан сўнг аҳволи ёмонлашган ва эртаси куни вафот этган.