Хитойнинг Венчжоу шаҳрида ўтказилган суд жараёнида “Минг” оиласи деб ном олган йирик трансмиллий жиноят гуруҳи аъзоларига ҳукм ўқилди. Хитой давлат телерадиокорпорацияси маълумотига кўра, 39 нафар шахс турли оғир жиноятлар учун жавобгарликка тортилади, дея ёзмоқда "zamon.uz".
Тергов материалларига кўра, “Минг” оиласи 2015 йилдан бери Мьянманинг Лаукаинг шаҳрида жойлашган фирибгарлик марказларини бошқариб келган. Улар ноқонуний қиморхона фаолияти, онлайн фирибгарлик, наркотик моддалар савдоси ва одам савдоси билан шуғулланган.
Жиноят тармоғининг ноқонуний даромади 10 миллиард юандан (тахминан 1,4 миллиард АҚШ доллари) ортиқ бўлган. Лаукаингдаги “Crouching Tiger Villa” номи билан танилган марказларда 10 мингдан ортиқ ишчи фаолият юритган, уларнинг аксарияти мажбурий меҳнат ва зўравонлик қурбонига айланган.
Суд қарорига мувофиқ, “Минг” оиласи аъзоларига қуйидаги жазолар тайинланди:
11 нафарига — ўлим жазоси;
5 нафарига — кечиктирилган ўлим жазоси (2 йил муддат билан);
11 нафарига — умрбод қамоқ;
12 нафарига — 5 йилдан 24 йилгача озодликдан маҳрум этиш.
“Минг” оиласи Мьянмада энг таъсирли жиноий гуруҳлардан бири сифатида танилган. 2023 йилда Мьянма ҳукумати қидирувдаги аъзоларнинг бир қисмини Хитой ҳуқуқ-тартибот органларига топширган. Оила етакчиси Минг Сюэчанг ҳибс пайтида жонига қасд қилгани айтилади.
Хитой ҳукумати томонидан бундай жиноят тармоқларига қарши кўрилаётган қатъий чоралар халқаро миқёсда эътибор қозонмоқда. Пекин босими остида Таиланд ҳам Мьянма билан чегарадош ҳудудлардаги ноқонуний марказларга қарши курашни кучайтирган. Бироқ, БМТ маълумотига кўра, айрим тармоқлар фаолиятини Камбоджа каби бошқа давлатларда давом эттирмоқда.
БМТ бундай тузилмаларни “фирибгарлик фабрикалари” деб атаб, Хитойнинг “Минг” оиласига нисбатан кескин чораларини жиноятчиликка қарши муросасиз сиёсатнинг намунаси сифатида баҳолади.