Италия Бош вазири Жоржия Мелони етакчилигидаги “Италия биродарлари” партияси “исломий ва маданий ажралиш” деб аталган ҳолатларга қарши курашиш мақсадида янги қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди. Бу ҳақда “Zamon.uz” нашри хабар берди.
Reuters ва Finansial Times хабарига кўра, қонун лойиҳасида бир неча муҳим чекловлар белгиланган. Унга кўра, бурқа ва ниқоб каби юзни тўлиқ ёпувчи кийимларни жамоат жойларида, мактабларда, университетларда, савдо марказларида ҳамда давлат идораларида кийиш мутлақо тақиқланади. Мазкур қоидани бузганларга 300 евродан 3 000 еврогача жарима солинади.
Янги тартибда масжидлар ва мусулмон ташкилотлари барча молиявий манбаларини очиқлаши мажбурий бўлади. Агар четдан келаётган маблағлар “Италия қадриятларига таҳдид солувчи” деб топилса, улар тақиқланиши ёки музлатилиши мумкин.
Шунингдек, қонун лойиҳасида мажбурий никоҳлар, диний босим ўтказиш каби амалиётларга қарши қатъий жазо чоралари киритилган. Ҳужжат муаллифлари бу ташаббусни “Италия жамиятини ҳимоя қилиш ва диний радикаллашувнинг олдини олиш” деб изоҳламоқда.
Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва мусулмон жамоалари буни диний эркинликка тажовуз деб баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, бундай чекловлар Италия Конституциясида кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги принципларига зид.