Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар органлари ҳамда Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар аниқланган.
Жумладан, Бўстонлиқ туманида яшовчи беш нафар ака-укаларнинг яшаш хонадонидан 9 кг дан ортиқ марихуана, канабис, совуқ ва пневматик қуроллар, ўқ-дорилар мусодара қилинди. Энг ачинарлиси, улар орасида 2003 йилда туғилган икки нафар ёш йигит ҳам бу ишга жалб қилинган.
Шунингдек, Юнусобод туманида “Cобалт” русумли автомашина салонида 967 грам “гашиш”, ундан кейин ушбу ҳолатга алоқадор яна бир шахсдан 1 кг 992 грам наркотик моддаси топилди.
Фарғона туманида эса 1956 йилда туғилган фуқаронинг хонадонидан 6880 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилинди. Улар Қирғизистон орқали ноқонуний йўллар билан олиб келингани аниқланган. Дориларнинг умумий қиймати 412 миллион сўмни ташкил қилади.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.