Аввалроқ Жиззахдаги боғчада болалар заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик. Жиззах вилоятининг Фориш туманида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида қайд этилган оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.
Болалар омбудсмани институти вакиллари воқеа жойига бориб, туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган болалар ҳолатини ўрганди. 10 октябрь ҳолатига кўра, тўрт ёшдан олти ёшгача бўлган тўрт нафар бола шифокорлар назоратида қолмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор, зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани маълум қилинди.
Ташриф давомида омбудсман ота-оналар, тиббиёт ходимлари ҳамда масъул мутасаддилар билан учрашиб, болаларнинг даволаниш жараёни ва ҳолати юзасидан қўшимча маълумот олди.