Самарқандда Марказий Осиё давлатлари Мудофаа вазирлари учрашиб, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда бугун, 20 октябрь куни Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов Марказий Осиё давлатлари Мудофаа вазирлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказган. Суҳбатлар чоғида ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, тажриба ва амалий билим алмашувини йўлга қўйиш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Билдирилишича, учрашувнинг асосий мақсади Марказий Осиё минтақасида тинчлик, бирлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлган.
“Самимий руҳда ўтган мулоқотлар давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда янги қадамлар қўйилишига замин яратди”, дейилади хабарда.
Учрашувларда томонлар мамлакатлараро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро терроризмга қарши курашишда ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда давлатлар ўртасида ишончли ва барқарор ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш масалаларида келишувларга эришган.