АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазодаги вазият юзасидан иттифоқчи давлатларнинг ҳарбий ёрдам таклифини олганини маълум қилди.
Унга кўра, ҲАМАСга қарши қўшин киритилиши эҳтимоли бор, аммо ҳозирча бундай қарор қабул қилинмаган.
Трампнинг таъкидлашича, Яқин Шарқ ва унга яқин ҳудуддаги бир қатор давлатлар зарурат туғилганда Ғазо секторига қўшин киритиб, ҲАМАС ҳаракатига қарши курашишга тайёр эканликларини билдиришган. У бу давлатларни "буюк иттифоқчилар" деб атаган ва уларнинг ёрдам таклифини катта иштиёқ билан қабул қилганини айтган.
Шу билан бирга, Трамп уларни ва Исроилни ҳозирча шошилмасликка чақирган.
“Мен бу давлатларга ва Исроилга ‘Ҳозир эмас!’ дедим. Ҳали ҲАМАС тўғри йўлни танлаши мумкин деган умид бор”, — деб ёзган Трамп Truth Social тармоғида.
АҚШ раҳбари, агар ҲАМАС келишувни бузишда давом этса, жавоб "тез, шиддатли ва шафқатсиз" бўлишини огоҳлантирган. У барча ёрдам таклиф қилган иттифоқчиларга миннатдорлик билдирган.
Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви 10 октябрда кучга кирган эди. Бунга қарамай, томонлар келишувни бир неча бор бузганликда бир-бирини айблаб келмоқда. 13 октябрь куни эса АҚШ, Миср, Туркия ва Қатар воситачилигида янги келишув имзоланганди.