АсосийБу қизиқ

OpenAI янги сунъий интеллектли браузер — ChatGPT Atlas’ни намойиш қилди

Atlas браузери матн таҳлили, ҳужжат таҳрири, онлайн харид ва бошқа вазифаларни ChatGPT орқали бажаради.

'OpenAI янги сунъий интеллектли браузер — ChatGPT Atlas’ни намойиш қилди'ning rasmi

OpenAI 21 октябрь куни сунъий интеллект асосида яратилган янги браузери — ChatGPT Atlas’ни расман тақдим этди. У фойдаланувчиларга веб-контентни таҳлил қилиш, ҳужжат ва матнлар билан ишлаш, электрон почталарни бошқариш, маҳсулотларни таққослаш ва ҳатто онлайн харидларни амалга ошириш имконини беради.

Браузер интерфейсида ChatGPT ёрдамчиси махсус ён панелда жойлашган бўлиб, фойдаланувчи сўзни белгилаши билан дарҳол контекстли тавсия ёки таҳлилни тақдим этади.

Atlas’нинг энг қизиқ функцияларидан бири — “Agent Mode”. У фойдаланувчи номидан турли амалларни бажара олади: масалан, ресторанда жой банд қилиш, онлайн формаларни тўлдириш, харидларни амалга ошириш ва бошқалар. Ҳозирча бу функция чекланган миқдордаги премиум фойдаланувчилар учун синов тариқасида ишга туширилган.

Браузерда махфийликка ҳам катта эътибор қаратилган: фойдаланувчи исталган вақтда қидирув тарихи ва ChatGPT билан мулоқотларини ўчириши ёки хотирани вақтинча ўчириб туриши мумкин. OpenAI маълумотларига кўра, фойдаланувчи маълумотлари моделларни қайта ўқитиш учун фойдаланилмайди.

ChatGPT Atlas ҳозирча фақат macOS тизимида мавжуд, лекин тез орада Windows, iOS ва Android версиялари ҳам чиқарилиши кутилмоқда. Браузер Chrome ёки Safari’дан севимлилар, тарих ва паролларни осон импорт қилиш имконини ҳам тақдим этади.

OpenAI ўз браузери орқали Google (Gemini), Microsoft (Edge + Copilot) ва Perplexity (Comet AI) каби рақобатчиларга қарши курашга чиқмоқда.

Мутаҳассислар фикрича, Atlas табиий тилни чуқур тушуниш қобилияти ва интерактив амалларни бажаришдаги устунлиги билан ажралиб туради.

    Бошқа янгиликлар