28 июнь куни соат 20:45 да Тошкент шаҳридаги “Юксак” подстанциясида юз берган носозлик оқибатида пойтахтнинг бир қатор туманларида электр таъминоти вақтинча узилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари корхонаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, Миробод, Чилонзор, Яшнобод ва Учтепа туманларида электр энергияси узилиши қайд этилган.
“Юксак” подстанциясидан чиқувчи 110 кВ Л-О‘-Ю 1 ва 2 электр узатиш линиялари ҳимоя тизими ишга тушиши натижасида авария ҳолатида ўчиб қолган. Шу сабабли “Юртим” ва “Бунёдкор” подстанциялари тўлиқ кучланишсиз қолган.
Айни вақтда махсус авария бригадалари носозлик сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш устида иш олиб бормоқда. Энергетика вазирлиги Зангиота туманининг айрим ҳудудларида ҳам электр узилишлари қайд этилганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, ҳолат тўлиқ назоратга олинган. “Боғдаги аттракционларда бўлган фуқаролар хавфсиз тарзда туширилди, жабрланганлар йўқ”, дейилади баёнотда.
Кейинроқ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” корхонаси “Озодлик” подстанцияси орқали Чилонзор ва Учтепа туманларига электр энергияси босқичма-босқич қайта уланаётганини маълум қилди. Қолган ҳудудларда ҳам таъминотни тиклаш ишлари давом этмоқда.






