Олимлар фикрича, бунинг асосий сабаби иқлим ўзгариши эмас, балки инсон фаолияти билан боғлиқ омиллардир.
Бу ҳақда ScienceDirect журналида эълон қилинган илмий тадқиқотда сўз боради.
Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, Амударё оқимининг камайишига дарёдан сув олиш ҳажмининг ортиши, суғориладиган ер майдонларининг кенгайтирилиши, каналлар, сув омборлари, насос станциялари ҳамда сувнинг табиий ҳаракатини ўзгартирувчи бошқа иншоотларнинг қурилиши асосий омил бўлган.
Маълум қилинишича, Амударёнинг асосий сув захираси юқори оқимдаги тоғли ҳудудларда қор ва музликлар ҳисобига шаклланади. Бироқ ўрта ва қуйи оқимларда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун катта миқдорда сув олиниши дарё оқимига жиддий таъсир кўрсатган.
Тадқиқотда таъкидланишича, кузатув даврида ҳаво ҳарорати 0,51–0,83 даражага ошган, ёғингарчилик эса 6–13 фоизга кўпайган. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, иқлим ўзгариши дарё оқимини 14–20 фоизга ошириши мумкин эди. Бироқ инсон фаолияти бу таъсирни тўлиқ йўққа чиқариб, аксинча, сув оқимининг кескин қисқаришига сабаб бўлган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Амударёнинг ўрта ва қуйи қисмида инсон фаолиятининг таъсири 114–120 фоизга баҳоланган. Юқори оқимда эса сув миқдори 22 фоизга камайган.
Энг катта пасайиш Амударёнинг қуйи қисмида кузатилган. Хусусан, Қизилжар ҳудудида сув оқими 1931–1950 йилларга нисбатан 77 фоизга камайган. Туркманистоннинг Керки ҳудудида эса ушбу кўрсаткич 22 фоизни ташкил этган.
Тадқиқот муаллифлари узоқ муддатли истиқболда музликларнинг қисқариши Амударё сув захирасига янада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Шунингдек, тадқиқотда қайд этилишича, Амударё ҳавзасидаги сув истеъмолининг тахминан 92 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, 1950–1990 йилларда суғориладиган ер майдонларининг кескин кенгайиши дарё сувидан фойдаланиш ҳажмини сезиларли даражада оширган.






