Туркиянинг Адияман вилоятидаги Отатурк тўғони сув остидан 12 минг йил аввал яратилган деб тахмин қилинаётган қадимий қоятош расмлари топилди. Бу ҳақда “Arkeonews” журнали хабар берди.
Топилма кеч палеолит ёки илк неолит даврига оид бўлиши мумкин. Тасвирлар саккиз йил аввал маҳаллий балиқчилар томонидан илк бор кўрилган — ўша пайтда қурғоқчилик сабаб сув сатҳи кескин тушиб кетган ва қадимий тош юзаси очилган. Жорий йилда сув яна кўтарилгач, Адияман музейи мутахассислари сувости тадқиқотлари ўтказиб, ёдгорлик ҳолатини ўрганишган.
Музей директори Меҳмет Алканнинг айтишича, сув остида кўриш имконияти жуда чекланган бўлса-да, тадқиқотчилар махсус камера ёрдамида айрим қисмларнинг йирик режали тасвирларини олишга муваффақ бўлган. “Юзани ҳозирча мидия чиғаноқлари қоплаб олган, шунинг учун аниқ тасвир олиш қийин. Яқин ойларда жойни тозалаб, батафсил ҳужжатлаштирамиз ва кейинчалик музей учун нусхасини яратамиз”, деди у.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, айрим тасвирлар палеолит даврининг охири ёки неолитнинг бошларига тўғри келади. Тахминан саккиз метр узунликдаги ва 70 сантиметр баландликдаги панелда инсонлар ва ҳайвонлар иштирокидаги динамик ов саҳнаси тасвирланган.
Аниқланган фигуралар орасида тоғ эчкилари, отлар, бўрилар, тулкилар ва лайлаклар бор бўлиб, улар ўзига хос услубда ишланган. Археологларнинг фикрича, бу композиция ёзув пайдо бўлишидан аввалги рамзий ифода усулларидан бири сифатида ов манзарасини ёки жамоавий ҳикояни акс эттиради.
Отатурк тўғони XX аср охирида қурилган бўлиб, илгари бу ҳудуд очиқ осмон остидаги қадимий ибодатхоналар ва ғорлар билан бой тарихий манзарага кирган. Шунга ўхшаш қоятош ўймаларига Батман, Шанлиурфа ва Мардин вилоятларида ҳам дуч келинади — бу эса Юқори Месопотамиядаги маданий узвийликни кўрсатади.
Мутахассислар топилмани рақамли тарзда қайд этиш зарурлигини таъкидлашмоқда: 3D сканер ва фотограмметрия технологиялари ёрдамида бу тасвирларни виртуал шаклда қайта тиклаш ва келажак тадқиқотлари учун сақлаб қолиш режалаштирилмоқда.